“ZOR TV” Телеканалининг “Бу кун” кўрсатуви орқали 2022 йил 14 июнь куни соат 21.00. да Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Келес почта алоқа боғламаси ходимларини иш ҳақини ўз вақтида ололмаётганлиги ва бошқа масалалар юзасидан намойиш этилган кўрсатув бўйича муносабат:
“Ўзбекистон почтаси” АЖ Тошкент филиали таркибида 19 та туман, шаҳар почта алоқаси боғламалари ва 180 та алоқа бўлимларида 750 нафар ходимлар томонидан вилоят аҳолисига, бизнес, давлат корхона ва ташкилотларига барча турдаги почта алоқа хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага илғор, замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4921-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда ҳар бир вилоятдан 3 тадан туманлар шу жумладан Тошкент вилоятининг Тошкент ва Бўка туманлари ҳамда Оҳангарон шаҳри намуна сифатида танлаб олиниб, мазкур туман ва шаҳарларда почта алоқаси хизматларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги ПҚ-4921-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимининг 2022 йил 11 мартдаги Тошкент вилояти Бўка ва Тошкент туманларида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 63-10-0-ғ/22-сонли фармойиши қабул қилинган.
Мазкур фармойиш билан вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил бошида аниқланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан жами 720,0 млн.сўм, жумладан Бўка тумани ҳудудида жойлашган алоқа бўлимлари биноларини таъмирлаш учун Бўка тумани маҳаллий бюджетига 380,0 млн. сўм ва Тошкент тумани ҳудудида жойлашган алоқа бўлимлари биноларини таъмирлаш учун Тошкент тумани маҳаллий бюджетига 340,0 млн. сўм маблағ ажратилган.
Ҳозирги кунда ушбу маблағлар ҳисобига алоқа бўлимларини мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрлаш ва тегишли идоралар томонидан экспертизадан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Келес почта алоқа боғламаси биноси мукаммал таъмирлаш режасига киритилган бўлиб, маблағни манбаси аниқ бўлгандан кейин мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
“Ўзбекистон почтаси” АЖнинг 2017 йил 13 июлдаги 228-сон буйруғи 2-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг туман (шаҳар) почта алоқаси боғламаси тўғрисидаги Низомга асосан почта алоқаси боғламаси ўз фаолияти, ижтимоий ривожланиш ва ходимларни моддий рағбатлантириш бўйича ҳаражатларни ўзи қоплайди, ўз-ўзини маблағ билан таъминлайди. Молиявий-хўжалик фаолиятини тасдиқланган Бизнес-режа доирасида амалга ошириши белгиланган. “Ўзбекистон почтаси” АЖ ўзини ўзи молиялаштирадиган Жамият бўлиб, ўртача иш ҳақи миқдори Республиканинг ўртача иш ҳақидан паст.
Ўзбекистон Республикасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 920,0 минг сўм бўлса, филиалда энг кам иш ҳақи миқдори 1 090,2 минг сўмни ташкил этади. Ҳамкор ташкилотларга бир қатор почта алоқаси хизматлари кўрсатиб келинмоқда, ҳамкор ташкилотлардан хизмат ҳақи тўловлари кечикиб тўланиши натижасида ишчи ходимларга ойлик иш ҳақларини ўз вақтида тўлашда кечикиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу муносабат билан Келес почта алоқа боғламаси ходимларининг апрель ва май ойлари иш ҳақини жорий йилнинг 30 июн кунигача тўлаб берилади.
“Ўзбекистон почтаси” АЖнинг моддий техника базаси янгиланиб, кўрсатилаётган хизматларга бир қатор ахборот технологиялари жорий этилиб, етказиб бериш жараёнлари қайта кўриб чиқилмоқда ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи почтаматлар ўрнатилиши натижасида иш ўринларини оптималлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу оптималлаштириш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги меҳнат қонунчилиги доирасида амалга оширилаётганлигини маълум қиламиз.