Версия для печати
20.04.2020 y.

Пандемия даврида ўрнатилган чекловлар сабабли, етказиб бериш хизматларига эҳтиёж ортди. Лекин уларнинг ҳаммасини ҳам ишончли ва хавфсиз дея олмаймиз. Дейлик, эҳтиёжманд одамга пул керак. Нақд пул вируснинг асосий ташувчиларидан бири экани исботини топиб бўлди, иккинчи муаммо транспорт ҳаракатларининг чеклангани туфайли бу пулни олиб бориб беришнинг иложи деярли йўқ. Бундай вазиятда энг мақбул ечим банк пластик карталари бўлиб қолмоқда. Картанинг йўқлиги эса муаммо эмас. «Ўзбекистон почтаси» мана шундай қийин шароитларда ҳам замонавий, илғор ва хавфсиз хизматлар орқали аҳолига кўмак бериб келмоқда.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ айни вақтда «Алоқабанк» АК мижозларининг онлайн аризалари асосида Humo ва Uzcard пластик карталарини манзилларига етказиб бермоқда. Буларнинг барчаси оддий: мижоз банкнинг расмий сайти ёки телеграм бот орқали онлайн ариза беради. «Ўзбекистон почтаси» АЖ эса кўрсатиб ўтилган манзилга конвертга солинган карталарни хавфсиз кўринишда етказиб беради.

Пластик карталар ҳудудига қараб 3 кундан 7 кунгача бўлган вақтда етказиб берилади. Асосийси, бу жуда қулай ва осон, энг муҳими мутлақо хавфсиздир.