Версия для печати
24.11.2017 y.

Дунёда шундай инсонлар бўладики, неча ёшга кирмасин, кимгадир дўст, кимгадир яқин маслакдош сифатида ўз маслаҳатлари билан эл хизматида туради.

Мана шундай одамлар ҳақида гап кетганда аввало Муҳаррам Кенжабаевна Носировани кўз олдимизга келтирамиз. Шу кунлари 70-баҳорни қарши олаётган бўлсалар-да, юзларидан таралган нур, шахду шижоатлари унча-мунчаларни ортда қолдиради. Аслини олганда, ҳаётимизга маъно мазмун бағишлайдиган, бизни одамийликка, мардлик ва олижаноб, ҳақиқий инсон бўлишга чорлайдиган аёлларнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Муҳаррам Кенжабаевнанинг ҳаёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, Алишер Навоий бобомизнинг «Аёллар – фаришталарнинг опа-сингилларидир» деган ҳикматли сўзларининг асл маъносини тушунгандай бўламиз.  

Дарҳақиқат, Муҳаррам Кенжабаевна ўз меҳнат фаолиятини оддий ишдан бошлаб поғонама-поғона лавозимларда кўтарилиб борган. Соҳанинг қайси бўлинмаларида ишламасин, вазир ўринбосари лавозимида дейсизми, концерн раҳбари, нашриёт маркази бошлиғи лавозимида дейсизми ишлаб чиқариш масалаларини ҳал қилишда талабчанлик ва принципиаллик билан ёндошган.

Алоқа соҳасини такомиллаштиришда ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатди. Муҳаррам Кенжабаевнанинг шахсан раҳбарлиги остида ва иштирокида Республика электр ва почта алоқалари икки мустақил соҳага бўлинди.

Муҳаррам Носирова раҳбарлигида 1992 йилда «Ўзбекистон маркаси» нашриёт маркази корхонаси ташкил этилди. Мазкур корхонанинг бозор иқтисодиёти даврида илдам одимлаб боришида М.Насированинг мунтазам изланишлари, ишни ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган даражада олиб борганлари боис уларинг бевосита иштирокида 500 дан ортиқ турдаги почта тўлов белгилари бўлмиш мустақил Ўзбекистоннинг маркалари муомалага чиқарилди ва бутун дунёга танилди.

«Ўзбекистон почтаси» концернининг биринчи раҳбари сифатида М. Насирова соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқаришда ишлаётган ишчи ёшлардан Тошкент электротехника алоқа ва Тошкент темир йўллари институтининг иқтисодиёт факультетлари қошида “почта иқтисодиёти” гуруҳларини ташкил этди. Почтани темир ва ҳаво йўллари орқали ташиш ишларини такомиллаштиришда ижобий бурилишларни амалга оширгани алоҳида эътирофга сазовор.

Узоқ давр фидокорона меҳнат қилгани ва саъй-ҳаракатлари натижасида соҳани етакчилар сафига кўтарганини инобатга олиб Муҳаррам Кенжабаевнанинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан тақдирланди. 1996 йилда “Моҳир алоқачи” фахрий унвони ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан М.Носировага давлатимиз Биринчи Президенти фармонига мувофиқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган алоқа ходими” унвони тақдим этилди.

Муҳаррам Кенжабаевнага сиҳат-саломатлик, мустаҳкам соғлиқ, ҳамкасблари ва дўстлари даврасида ҳамиша иззат ва эътиборли бўлиб юришларини тилаймиз.